Сайт тест режимида ишламоқда

Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги вакили АҚШда бўлиб ўтган нуфузли халқаро конференцияда тақдимот билан иштирок этди

24 февраль 2023 йил
image

2023 йилнинг 14-23 февраль кунлари Америка Қўшма Штатлари пойтахти Вашингтонда Қиёсий ва Халқаро Таълим Жамияти  томонидан «Адолатли дунё учун таълимни яхшилаш»  мавзусидаги халқаро таълим конференцияси ўтказилди.

Қиёсий ва Халқаро Таълим Жамияти таълимни қиёсий таҳлил қилиш, таълимда тенг имкониятлар яратиш ва тарғиб қилиш орқали уни кенгроқ тушуниш ва ривожлантириш бўйича ишлайдиган ташкилот бўлиб, у томонидан ҳар йили ташкиллаштириладиган конференцияга бутун дунёдан кўплаб таълимга дахлдор давлат ташкилотлари, вазирлик вакиллари, агентликлар, олим ва тадқиқотчилар ва педагоглар иштиок этади. Ўз йўналиши бўйича энг йирик таълим конференцияси сифатида, ҳар бир CИEС йиллик йиғилиши тадқиқот ва таълим билан боғлиқ ишларни олиб борадиган 3500 дан ортиқ иштирокчиларни бир жойга тўплайди. Конференция иштирокчилари таълим йўналишида олиб борилаётган тадқиқотлар, ҳукумат сиёсати, ютуқлар, шунингдек муаммолар ва уларни биргаликда ҳал қилиш бўйича тақдимот ва муҳокамалар қиладилар.

Бу йилги CIES конференциясида Ўзбекистон вакиллари ҳам иштирок этиб, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги тизимида олиб борилаётган давлат сиёсати, дастурлар ва тадқиқотлар ҳақида тақдимот қилдилар. Хусусан, конференцяда вазирлик номидан иштирок этган Республика таълим маркази директори Шуҳрат Сатторов Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан USAID ҳамда RTI Интернатионал ташкилоти билан ҳамкорликда амалга ошираётган «Ўзбекистон Баркамоллик учун таълим дастури» доирасида амалга оширилган ишлар, эришилган ютуқлар, шунингдек, дастур доирасида олиб борилган тадқиқот натижаларидан фойдаланиш бўйича вазирлик режалари бўйича тақдимотлар қилди.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 29 апрелдаги «Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими тизимини 2030 йилгача ривожлантириш концепциясини тасдиқлаш тўғрисида» ПФ-5712-сон Фармони ижросини таъминлаш мақсадида, Мактабгача ва мактаб таълими вазирлиги томонидан АҚШ Халқаро Тараққиёт Агентлиги (USAID) ва RTI Интернатионал ташкилоти билан ҳамкорликда «Ўзбекистон Баркамоллик учун таълим дастури» амалга оширилмоқда. 2019 йил 28 сентябрда имзоланган ҳамкорлик шартномасига кўра, тўрт йилга мўлжалланган мазкур дастур доирасида умумтаълим мактабларнинг 1-11-синфларида инглиз тили, 5-11-синфларида информатика ва ахборот технологиялари, бошланғич синфларида она тили ва ўқиш саводхонлиги ҳамда математика таълимини янада яхшилаш мақсадида ўқув дастур ва ўқув-методик қўлланмалар ишлаб чиқилди. Хусусан, инглиз тили ва IAT фани учун Cамбридге Университй Пресс нашриётининг халқаро нашрлари маҳаллий дастурларга мослаштирилди, 2021-2022-ўқув йилида Сирдарё ва Наманган вилоятларидаги 209 та мактабда тажриба-синовдан ўтказилди ҳамда амалиётга жорий қилинди. Бошланғич синфлар учун тайёрланган она тили ва ўқиш саводхонлиги ҳамда математика фанлари ўқув-методик мажмуалари эса 2022-2023-ўқув йилида Сирдарё ва Наманган вилоятларидаги 919 та мактабда тажриба-синовдан ўтказилмоқда. Дастур доирасида, шунингдек муаллифлар, методистлар, педагог ва ўқитувчиларнинг малакаси оширилиб, уларга узлуксиз методик ёрдам кўрсатиб келинмоқда.

Ўқув-методик қўлланмаларни тажриба-синовдан ўтказиш ва амалиётга жорий қилиш давомида Вазирлик томонидан RTI Интернатионал ташкилоти билан ҳамкорликда турли тадқиқотлар ҳам олиб борилди. Жумладан, дастур доирасидаги фанлар бўйича тайёрланган ўқитувчи китобларидан фойдаланиш самарадорлигини ошириш бўйича тадқиқот, шахсга йўналтирилган ва ҳамкорликда ўрганиш таълим ёндашувларини сифатли жорий қилиш, ўқитиш ва ўрганиш сифатини яхшилаш бўйича тадқиқотлар олиб борилди. Ушбу тадқиқот натижаларидан ўқув-методик қўлланмаларни амалиётга самарали жорий қилишда фойдаланилмоқда.

Бир неча кун давом этган конференцияда Вазирлик ҳамда «Ўзбекистон Баркамоллик учун таълим дастури» вакилларининг тақдимотлари муваффақиятли ўтди. Ўзбекистонда мактаб таълими ислоҳотлари конференция ташкилотчилари ва қатнашчилари томонидан кенг эътироф этилди ҳамда халқаро ҳамкорларда қизиқиш уйғотди. Бир қатор ташкилот ва тадқиқотчилардан бу йўналишдаги ишларни янада кенгайтиришга қаратилган қўшма лойиҳалар ишлаб чиқиш таклифлари олинди.

info@xtv.uz
@uzedu
/uzedu.uz
@uzedu
/uzedu